2015 йил 17-18 декабрь кунлари Урганч Давлат университети раҳбариятининг ота-оналар билан навбатдаги учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу учрашувларда УрДУ ректори Б.Абдуллаев, Ўқув ишлар бўйича проректор С.Ходжаниязов, Маънавий ва маърифий ишлар бўйича проректор С.Давлетов, Илмий ишлар бўйича проректор И.Абдуллаевлар факультет деканлари ҳамрохлигида Филология ҳамда Техника факультети талабаларининг ота-оналари билан мулоқот қилишди.
Учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, Хоразм вилоятини саноат салоҳиятини ривожлантириш, Урганч шаҳрини ободонлаштириш ва сув таъминотини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик соҳасини тараққий эттиришга қаратилган бунёдкорлик ишлари, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати мазмун-моҳияти, таълим тизими ва ёшларга кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган имконият ва шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, Муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинишининг асл моҳияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида гапириб ўтилди.